Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШга расмий ташрифи доирасида 17 май куни Вашингтонда Жаҳон банки гуруҳи президенти Жим Ён Ким билан музокаралар олиб борди. Учрашувда Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳамда иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ва мамлакат фуқаролари фаровонлигини ошириш учун амалга оширилаётган ислоҳотларнинг Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланиши масалалари муҳокама қилинди.

«Ўзбекистондаги ислоҳотлар миқёси ва маҳобатидан жуда ҳайратдаман, — деди Жим Ён Ким. — Жаҳон банки гуруҳи мамлакатни ривожлантириш бўйича улкан дастурда эксперт ва молиявий ёрдамини кўрсатишда давом этади».

Учрашув доирасида Ўзбекистонда энергосамарадорликни таъминлаш, мева-сабзавотчилик ва шошилинч тиббий ёрдам хизматлари соҳасидаги тўртта янги лойиҳани молиялаштириш учун ЖБ томонидан тақдим этилаётган жами қиймати 940 млн доллар бўлган ҳамкорлик қўшма дастури бўйича имзолаш жараёни бўлиб ўтди.

Мазкур қарзлар Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги лойиҳавий портфелини 2,8 млрд долларгача оширади. Бугунги кунда Ўзбекистон ва мазкур банк ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик энергетика, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизация қилиш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларини қамраб олган.

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Томонлар, шунингдек икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишлари тасдиқланган Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ўзаро англашув меморандумини ҳам имзолади.

Бундан ташқари, ЖБ гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC, ХМК) билан консултацион хизматлар тўғрисидаги битим имзоланди. IFC Ўзбекистонда қуёш электростанцияларини лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланишни молиялаштириш учун хусусий инвесторларни жалб қилиш мақсадида давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантиришда ёрдам кўрсатади. IFC шу каби лойиҳаларни амалга оширишда 1 млрд долларгача инвестициялар мобилизациясида ҳам кўмаклашади.