16 май куни Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида сел оқими беш кишининг ўлимига сабаб бўлди, дея хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.
Фожиа «Сариққамиш» қишлоқ фуқаролар йиғини Мирзатўқ аҳоли пунктида содир бўлди. Сел оқими кучли ёғингарчиликлар сабабли вужудга келди.

Сурункали ёғингарчиликлар аввалроқ худди шу вилоятнинг Китоб тумани «Жиллисув» аҳоли пунктида ҳам сел келиши ва тўртта хўжаликнинг сув остида қолишига сабаб бўлган эди. ФВВ ушбу ҳодисада ҳеч ким ҳалок бўлмагани ва жабрланмаганини маълум қилди.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси кўча ва ариқлар, шунингдек ички ирригация тизимларини тозалаш ишларини амалга оширди.

Ўзгидромет маълумотларига кўра, 17−18 май кунлари Ўзбекистоннинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида кучли ёғингарчиликлар бўлиши ва сел келиши хавфи сақланиб қолади.