Ўзбекистонда ислом банк иши ва инфратузилмасини жорий этиш режалаштирилмоқда, дейилади муҳокама учун эълон қилинган президент қарори лойиҳасида.

Ҳужжатда тадбиркор ва фуқароларда банк фоиз юкига эга бўлмаган банк-молия хизматларига бўлган қизиқиш ва зарурият ортиб бораётгани қайд этилган.

Лойиҳада ислом банк иши ва молияси тамойилларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш бўйича Комиссия тузиш кўзда тутилган. Ушбу комиссия қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

  • фоиз (рибо) кўринишидаги мукофотни тақиқлаш, тадбиркор билан лойиҳадаги улушга мос равишда фойда ва зарарни бўлиши каби ислом банк иши ва молияси тамойилларини жорий этиш учун инфратузилмаларни яратиш;
  • исломий молиялаштириш тамойиллари асосидаги суғурта фаолияти (такофул), лизинг фаолияти (ижара), қимматли қоғозлар билан боғлиқ операциялар (сукук) ва бошқаларни амалга ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий актларни ишлаб чиқиш.

Ислом банки гранти жалб қилинган ҳолда «Ўзбекистон Республикасида ислом банк иши ва молияси инфратузилмаларини жорий этиш учун қонунчилик асосларини яратиш» ишчи лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Стандарт чакана хизматларнинг кенг спектри, жумладан экспорт-импортни молиялаштириш, турар жойни молиялаштириш, тижорий кўчмас мулкни молиялаштириш, лизинг, суғурта бўйича хизматлар, шунингдек тузилмавий бўлинмалар орқали қимматли қоғозлар бозоридаги хизматларни кўрсатувчи Ўзбекистон ривожланиш ислом банкини яратиш кўзда тутилган.