Ўзбекистон 18 май куни Истанбулда ўтказиладиган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида иштирок этади. Делегацияга Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев раислик қилади.

Бу ҳақда 16 май куни Ташқи ишлар вазирлиги Туркия элчиси Аҳмет Башар Шенга расман маълум қилди, дея хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

Интерфакс маълумотларига кўра, Туркия Ғазо сектори чегарасидаги ҳодисалар муносабати билан ИҲТнинг навбатдан ташқари саммитини чақирди. АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси Тел-Авивдан Қуддус шаҳрига кўчирилганидан сўнг Ғазо сектори чегарасида оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Тартибсизликлар чоғида турли маълумотларга кўра, 55 дан 60 нафаргача фаластинлик ҳалок бўлди, 2000 дан ортиғи жароҳатланди.