Латвиянинг машҳур сутни қайта ишловчи «HANSA Food Comodities» компаниясининг етакчи мутахассиси Янис Скварновичс «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси бошқарув раиси Тоҳиржон Жалиловнинг сутни қайта ишлаш бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда холдинг матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Янис Скварновичс Жиззах вилоятида барпо этилаётган қаттиқ турдаги пишлоқ ва бошқа сут маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхона қурилишида бевосита иштирок этиш билан бир қаторда, сут саноати соҳасида фаолият олиб бораётган корхоналар учун семинар ва тренинглар ўтказади.

«Юртимизга европалик мутахассиснинг жалб этилишига билан сутни қайта ишловчи корхоналарда ғарб тажрибаси кенг миқёсда таништирилади, маҳсулот сифати, ҳажмини ошириш ва унинг экспортини йўлга кўйиш бўйича маслаҳатлар берилади», — дейилади хабарда.

58 ёшли Янис Скварновичс ишлаб чиқаришни бошқариш ва ташкиллаштириш мутахассиси. «Tukuma Piens» (Тукумсдаги сут корхонаси) АЖ бошқарув раиси, Латвия сут иттифоқи бошқарув раиси, «Rīgas piena kombināts» (Рига сут комбинати) АЖ бошқарув раиси лавозимларида фаолият кўрсатган.

Украинада болалар озуқаси бўйича Балтика сут-консерва комбинатини фаоллаштиришда иштирок этди. Шунингдек Россиянинг Тверь, Липецк ва Смоленск шаҳарларида жойлашган сут ишлаб чиқарувчи ва қайта ишловчи корхоналарга маслаҳатчилик қилган.