15 май куни Jizzakh Petroleum корхонаси ва Американинг Honeywell UOP компанияси Жиззах вилоятида нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бўйича лицензион ва муҳандислик битимини имзолади, дея хабар қилди Вашингтондаги матбуот маркази ва «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати. Имзолаш маросими Ўзбекистон президентининг АҚШга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

Jizzakh Petroleum томонидан бош директор Музаффар Қамбаров, Honeywell UOP томонидан бош ижрочи директор Ребекка Либерт ҳужжатларга имзо қўйди.

Битим Жиззах нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши жараёнига Honeywell UOP технологияларини жалб этишни кўзда тутади.

Қайд этилишича, мажмуа йилига 5 млн тонна нефтни қайта ишлаб, юқори сифатли нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаради.

Қиймати 2,2 млрд долларни ташкил этувчи Jizzakh Petroleum қурилиши 2017 йил апрелида бошланган. Объектнинг 2021 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.