«Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси таркибига кирувчи «Ўзагроэкспорт» тан нархи 1 кг учун 590 сўм бўлган пиёзни Сурхондарё вилоятидаги дехқон ва фермер хўжаликларидан муносиб бўлган 1 кг 1 200 сўмдан харид қилиб олади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

«Бу йилги пиёз ҳосили ўтган йилгига нисбатан анчагина ортиши натижасида унинг бозордаги нархи хам арзонлашганини кўришимиз мумкин. Асосийси пиёз етиштириш билан шуғулланувчи деҳқон ва фермер хўжаликлари келажакда ушбу йўналишда инвестиция киритишлари учун катта сармояга эга бўлишади», — дейилади хабарда.

Пиёз хариди қуйидаги шартларда амалга оширилиши зарур: 40−60 мм калибрли (ўлчамли), 30 кг қопларда. Ўзбек пиёзи Uzagro бренди остида экспортга йўналтирилади.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ интернет тармоғида Сурхондарёда пиёз нархи 200 сўмга тушиб кетиши оқибатида деҳқон ва фермер хўжаликлари катта зарар кўраётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.