Ўзбекистон мамлакатга кўпроқ немис инвестицияларини жалб этиш учун Германия компанияларига Тошкентда махсус саноат зонасини ташкил этишни таклиф қилди. Таклиф сешанба куни бош вазир Абдулла Арипов томонидан тўртинчи Ўзбекистон-Германия ишбилармонлик кенгаши йиғилишида илгари сурилди.

Айни пайтда икки давлат ҳамкорлиги тарихидаги энг йирик немис ишбилармон доираси вакиллари делегацияси Тошкентда ташриф билан бўлиб турибди. Ундан Германиянинг йирик компаниялари, кичик ва ўрта бизнес ҳамда банкларининг 70 нафардан ортиқ вакиллари ўрин олган.

«Тошкентда махсус немис саноат зонасини ташкил этишни таклиф қиламиз… Биз ушбу зонани немис компанияларидан бирига бошқариш учун топширишга тайёрмиз», — деди ҳукумат раҳбари. Саноат зонасини 16 гектардан зиёдроқ майдонга эга собиқ «Алгоритм» заводида ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Абдулла Арипов Ўзбекистон республиканинг бошқа ҳудудларида, жумладан инвесторлар узоқ муддат солиқ ва божхона тўловларидан озод қилинган 14 та эркин иқтисодий зона ҳамда инвесторлар сармоя киритиш ва янги иш ўринларини очиш шарти билан бепул ишлаб чиқариш майдонларига эга бўлиши мумкин бўлган 80 дан ортиқ кичик саноат зоналари доирасида немис компаниялари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини қўшимча қилди.

Бундан ташқари, германиялик ҳамкорларга Тошкентда немис компанияларининг Ўзбекистондаги манфаатларини ҳимоя қилувчи Германия-Ўзбекистон ташқи савдо палатасини ташкил этиш имкониятини кўриб чиқиш таклиф қилинди.

50 дан ортиқ немис компаниялари ва банклари томонидан таъсис этилган Ўзбекистон-Германия ишбилармонлик кенгашининг биринчи йиғилиши 2015 йил февралида Берлинда бўлиб ўтган эди.

2017 йилда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 32,5 фоизга ўсиб, 600 млн долларга етди.