Ўзбекистон Автомобиль транспорти агентлиги Тошкент ва Хўжанд оралиғида мунтазам автобус қатновини йўлга қўйди. Бу ҳақда Manzara Tourism сайёҳлик оператори «Газета.uz"га хабар қилди. Тошкент-Хўжанд-Тошкент рейси тақдимоти 15 майга белгиланган.

Автобуслар йил давомида «Тошкент» (Ўзбекистон) ва «Хўжанд» автовокзаллари ўртасида Нурафшон, Бўка, «Ойбек» (Ўзбекистон) ва «Фотеҳобод» (Тожикистон) назорат-ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланади. Ушбу пунктларда техник тўхташ ёки йўловчиларни тушириш амалга оширилиши мумкин.

Оралиқ масофа 174 км ни ташкил этади. Сафар учун 4,5 соат, жумладан чегаралардан ўтиш вақтлари сарфланади. Чипталарни «Тошкент» ва «Хўжанд» автовокзаллари кассаларидан сотиб олиш мумкин.

Тошкент-Хўжанд рейси чиптаси нархи 50 минг сўм, Хўжанд-Тошкент чиптаси эса — 50 тожик сомони этиб белгиланди. Тўлов йўлга чиқиш мамлакатлари миллий валютасида амалга оширилади.

Автобуслар ва уларнинг йўловчилари НЎПдаги божхона кўриги ва чегара паспорт назоратидан навбатсиз ўтказилади.

15 майдан халқаро йўналиш бўйича автобуслар қатнови жадвали:

  • Тошкент (8:00) — Хўжанд (12:35); Тошкент (12:00) — Хўжанд (16:35); Тошкент (18:00) — Хўжанд (22:35).
  • Хўжанд (6:00) — Тошкент (10:35); Хўжанд (13:00) — Тошкент (17:35); Хўжанд (18:00) — Тошкент (22:35).

Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўртасидаги халқаро автобус қатновини йўлга қўйиш тўғрисидаги битим 9 мартда имзоланган эди.