2014 йилда қамалга Фаҳриддин Тиллаев озодликка чиқарилди. Бу ҳақда «Газета.uz"га Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар қилди.

Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди 2014 йил 6 мартда Фаҳриддин Тиллаевни (1971 йил туғилган, Сурхондарё вилоятидан) Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддасида (одам савдоси) кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, 10 йилу 8 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм қилган эди. 2013 йил 12 декабрдаги амнистия акти билан жазонинг ўталмаган қисми учдан бир муддатга қисқартирилди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2014 йил 17 апрелдаги аппеляция инстанцияси қарори билан эса ҳукм ўзгартиришсиз қолдирилди.

Ўзбекистон Олий суди жиноят ишлари бўйича Суд коллегиясининг 2018 йил 11 майдаги қарори билан жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди ҳукм ва жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг қарори ўзгартирилди.

Фаҳриддин Тиллаевга 6 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. 2013 йил 12 декабрдаги амнистия акти билан белгиланган жазо муддати учдан бир қисмга қисқартирилди. У жазони ўтаб бўлгани муносабати билан озодликка чиқарилди.