Ўзбекистон чегарачилари апрель ойида 52 нафар давлат чегаралари бузувчисини ҳамда ноқонуний олиб ўтилаётган 1,3 млрд сўмлик товар-моддий бойликларни қўлга олди. Бу ҳақда «Газета.uz"га Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари матбуот хизмати хабар қилди.

Қозоғистон билан чегарада бир ой давомида 24 нафар, Қирғизистон билан — 18, Тожикистон билан — 9, Афғонистон билан — 1 нафар чегара бузувчиси ушланди. Туркманистон билан чегарада апрель ойида чегара бузилиши ҳолатлари қайд этилмади.

Қирғизистон ва Тожикистон билан чегарада қўлга олинганларнинг барчаси Ўзбекистон чегарасига товарларни ноқонуний ташиш мақсадида келган. Улар асосан мобил телефонлари, тамаки маҳсулотлари ва электр лампаларини ноқонуний олиб ўтишга уринган.

4 апрель куни Андижон вилоятининг Қорасувида уч нафар Ўзбекистон фуқароси отларда умумий қиймати 1,1 млрд сўм бўлган 390 дона Samsung S9, А5 ва A3 мобил телефонларини олиб ўтишга уринган вақтда қўлга олинди.

10 апрель куни Фарғона вилоятининг Қураш чегара аҳоли пунктида Қирғизистон ҳудудидан ноқонуний равишда товарларни олиб ўтаётган тўрт нафар номаълум шахс қайд этилди. Улар чегарачилар гуруҳини кўргач, юкларни ташлаб қочди ва яширинди. Ташлаб кетилган юклар жами қиймати 52 млн сўм бўлган 3470 қути сигаретдан иборат экани аниқланди. Чегара бузувчиларига нисбатан қидирув тадбирлари давом этмоқда.

28 апрель куни Фарғона вилоятининг Майдон чегара қишлоғида 25 млн сўмлик 8700 дона электр лампасини олиб ўтишга уринишнинг олди олинди. Юкни ташлаб қочган чегара бузувчилари бу сафар ҳам яширинишга муваффақ бўлди.

Чегара бузувчиларига нисбатан қонунчилик доирасида чоралар кўрилмоқда, олиб қўйилган товарлар давлат фойдасига мусодара қилинмоқда.