12 май куни Нозим Бахтиёровоич Ҳусанов Тошкентнинг Сергели тумани, Шуҳрат Махамадназимович Отамуҳамедов Учтепа тумани ҳокими лавозимига тайинланди. Бу ҳақда пойтахт маъмурияти матбуот хизмати хабар қилди.

Нозим Ҳусанов бунга қадар (2017 йил январдан) иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича ҳокимнинг биринчи ўринбосари (ушбу лавозим 2016 йил декабрида жорий этилди), 2016 йил баҳоридан эса иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик масалалари бўйича ҳоким ўринбосари бўлган.

Нозим Ҳусанов (1976 й. т.) — Тошкент автомобиль йўллари институти (1997), Тошкент молия институти (2002) ва Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият бошқаруви академияси битирувчиси.

Сергели туманининг аввалги ҳокими Бахтиёр Султонович Раҳмонов (1959 й. т.) Олмазор тумани ҳокимиятига раҳбар бўлди. У Сергели тумани ҳокими лавозимида 2017 йил апрелидан буён ишлаб келаётган эди. Бахтиёр Раҳмонов 2008—2011 йилларда пойтахтнинг Миробод тумани ҳокими бўлган.

Шуҳрат Отамуҳамедов. Фото: pochta.uz

Учтепа тумани ҳокими лавозимига тайинланган Шуҳрат Отамуҳамедов (1975 й. т.) 2016 йилдан буён «Ўзбекистон почтаси» компанияси бош директори, унгача 2013−2016 йилларда — Вазирлар Маҳкамаси Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари бўйича Ахборот-таҳлил сектори мудири лавозимида ишлаган. Тошкент электротехника алоқа институти (1998) ва президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси (2006) битирувчиси.

Учтепа туманининг аввалги ҳокими Шавкат Иргашев 18 апрель куни Мирзо Улуғбек тумани ҳокими этиб тайинланган эди.