Тошкент ҳокимияти ҳузурида жамоатчилик кенгашини шакллантириш бошланди, дея хабар қилди пойтахт маъмурияти матбуот хизмати. Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси (AMBiT) раиси, Ўзбекистон-Хитой савдо уйи раиси, қатор компаниялар, жумладан International Business Travel асосчиси Ҳикмат Абдураҳмонов унга раис этиб тайинланди.

Жамоатчилик кенгашини ташкил этишдан мақсад — Тошкент шаҳрини янада ривожлантириш, давлат — хусусий ҳамкорлигини кенгайтириш, шаҳарни бошқаришда ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, Тошкент шаҳрининг хорижий алоқаларини ривожлантириш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали шаҳар бюджетига солиқ ва бошқа тўловлар тушумини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шаҳар экологиясини яхшилаш, парклар, мини парклар ҳамда яшил майдонлар ташкил этиш, ёшларнинг иштирокини кенгайтириш, дунёни ривожланган пойтахт шаҳарларида синовдан ўтган янги технологияларни жорий этиш орқали шаҳар инфраструктурасини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш, спортни оммалаштириш, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш,маданий тадбирларни ўтказиш, шаҳар ҳаётини яхшилашга оид норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш масалаларида кенг жамоатчилик иштирокини таъминлашдан иборат.

Кенгаш юқоридаги масалалар ва уларнинг ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқади. Жумладан, Ўзбекистон президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган «Обод маҳалла дастури"ни сифатли тўлиқ ижроси устидан жамоатчилик назорати ҳам мазкур жамоатчилик кенгаши томонидан амалга оширилади.

Жамоатчилик кенгаши фаолиятида тошкентликлар ва пойтахт меҳмонлари қатнашишлари мумкин. Жамоатчилик кенгаши фаолиятида қатнашиш учун таклифларни кенгаши раиси Ҳикмат Абдураҳмоновнинг электрон почтасига юбориш мумкин.