Соғлиқни сақлаш вазирлиги Андижонда 3,5 ёшли ўғил боланинг бўғма (дифтерия) касаллигига чалингани ҳақидаги хабарларни инкор қилди. Бу ҳақда ССВ ахборот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Мамлакатнинг етакчи олимлари ва шифокорларидан таркиб топган тезкор гуруҳ ССВ Санитария-эпидемиология назорати бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Дилором Турсунова бошчилигида вазиятни чуқур ўрганди.

7 май куни Андижон вилоят юқумли касалликлар шифохонасига бемор А.Шуҳратбеков (2014 й. т.) «йирингли некротик ангина» ташҳиси билан олиб келинди.

Онаси берган маълумотга кўра, бемор бола 5 май куни музқаймоқ истеъмол қилган ва 6 май куни унда ҳолсизланиш, инжиқлик, рангини оқариши каби белгилар пайдо бўлган. 7 май куни тана ҳарорати кўтарилиши, томоқда оғриқ кузатилгани боис бола вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган.

Шифохонада мутахассислар томонидан бемор кўрикдан ўтказилгандан сўнг, унга замбуруғли ангина бирламчи ташхиси қўйилиб, ўртача оғирликда реанимация бўлимига ётқизилган. Шундан сўнг таҳлил учун тегишли биологик намуналар олиниб, лабораторияга топширилган ва барча муолажалар вақтида ўтказилган.

Бемор Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юборилган мутахассислар томонидан консилиум қилиниб, такрорий тиббий кўрикдан ўтказилди. Унга йирингли-некротик ангина ва бўғмага қўшимча текшириш буюрилди.

Маълум бўлишича, бола 2 ёшга тўлгунга қадар миллий эмлаш жадвалига мувофиқ, бўғма касаллигига қарши 4 маротаба эмланган.

Кўрсатилган малакали тиббий ёрдам натижасида 11 май куни бемор А.Шуҳратбековнинг умумий саломатлиги қониқарли, деб баҳоланди. У фаол ҳаракатланмоқда, овқатланиши яхши, иситмаси йўқ. Яқин кунларда уйига жавоб берилади ва шундан сўнг бемор ҳудуддаги тиббий патронаж хизмати назоратига олинади.

Шанба куни микробиологик таҳлил натижалари олинди. Андижон вилояти Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бактериология лабораториясининг 11 майдаги 56-, 57- ва 284-сонли микробиологик текшириш натижалари ҳамда касаллик клиникаси ва кечиши асосида беморга стрептококк этиологияли йирингли-некротик ангина якуний ташхиси қўйилди.