Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 42-сонли мактабнинг меҳнат тўгараги ўқитувчиси Диана Еникееванинг вафоти Махсус текшириш комиссияси хулосасига биноан ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса деб топилди ва тегишли тартибда Н-1 шаклидаги далолатнома тузилди. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси расмий вакили Facebook ижтимоий тармоғидаги «Халқ билан мулоқот» гуруҳида хабар қилди.

«Махсус текшириш комиссияси фаолиятида касаба уюшмалари вакили ҳам иштирок этди ва воқеалар ривожи Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг доимий назоратида бўлиб турди», — дейилади хабарда.

Якуний ҳисоб-китобларга кўра, Диананинг яқинларига бир қатор тўловлар тўланиши белгиланди.

Жумладан, «Агросуғурта» суғурта компаниясининг Каттақўрғон туман бўлими томонидан марҳум Диана Еникееванинг оиласига бир марта тўланадиган 44 млн 697 минг 096 сўм бир йўла нафақа миқдори белгиланган. Бунда Диананинг олти йиллик ўртача иш ҳақи ҳисобга олинган.

Шунингдек, боқувчисини йўқотганлик туфайли Диананинг фарзандига ойма-ой 206 минг 931 сўм миқдорида нафақа тўлаш белгиланди. Ушбу нафақа фарзанди токи 16 ёшга тўлгунга қадар, яъни 2018 йил март ойидан 2032 йил 4 февралга қадар тўлаб борилади.

Бундан ташқари, 2019 йил 4 февралга қадар, яъни Диананинг фарзанди уч ёшга тўлгунга қадар жами 2 млн 211 минг 634 сўмлик тўлов ҳам тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 14 март куни Каттақўрғон туманида магистрал йўлни тозалашга олиб чиқилган мактаб ўқувчиларидан бири 23 ёшли Диана Еникеева «Камаз» юк машинаси босиб кетиши оқибатида ҳаётдан кўз юмган эди.