Ўзбекистон ҳукумати автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф туғилиши юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказишни тақиқлади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида сўз боради.

Қарорда фуқароларни, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларни мажбурий меҳнатга, шу жумладан туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, металл чиқиндилари ва макулатура йиғиш, шунингдек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатларининг зудлик билан олдини олиш ва бунга чек қўйиш белгилаб берилди.

Фуқароларни, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, талабалар ва таълим муассасалари ўқувчиларини мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар қўлланилади.

Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда:

давлат органлари, шу жумладан, маҳаллий давлат органларининг, айниқса, қишлоқ хўжалиги ишлари қизғин даврда ходимларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига риоя этилиши бўйича фаолияти юзасидан тизимли мониторинг олиб бориш;

ўтказилган мониторинг якунлари бўйича фуқаролик жамияти институтларини жалб этган ҳолда, хусусан, ҳудудларда оммавий эшитувлар ташкил этилишини таъминлаш, бунда мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг ҳар бир ҳолати, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида муҳокама қилиниши белгиланди.