Шу йилнинг январ-май ойларида бир гуруҳ информатика ўқитувчилари Microsoft компанияси курсларида малакасини ошириб, тармоқлар тузилиши, уларни Windows Server тизимини ўрнатиб, созлаш ва бошқариш бўйича ўқув курсларини битирди. Бу ҳақда Халқ таълими матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Ўқув курслари якунида ўқитувчиларга Micros ўқув маркази томонидан тегишли сертификатлар топширилди. Эндиликда улар Microsoft дастурий маҳсулотлари ва технологик ечимлари бўйича малакавий (квалификация) имтиҳонларини топширгач, мутахассислик сертификатларини қўлга киритиши мумкин.

Мазкур ўқув курслари дастлаб бир гуруҳ информатика ўқитувчиларининг малакасини ошириш ва тренер сифатида тайёрлаш режалаштирилган бўлиб, кейинчалик ҳудудлардаги таянч мактабларда юқори синф ўқувчиларига АКТ бўйича замонавий касблардан бирини эгаллаш учун зарур пухта билим ва малакаларни бериш кўзда тутилган, дейилади хабарда.

Маълумот учун, ХТВ дунёнинг ИТ соҳасида етакчи ҳисобланган Microsoft, Oracle, Cisco каби компаниялари билан мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларининг АКТ бўйича салоҳиятини янада ошириш бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мазкур ҳамкорлик доирасида янги замонавий касб соҳаларига оид кўникмаларни шакллантириш юзасидан ўқув курсларни мослаштириш, илғор ўқитувчилар орасидан тренерларни тайёрлаш ва таянч (пилот) таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш режалаширилган.