9 май — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хотира майдонига ташриф буюриб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди, дея хабар қилди президент матбуот хизмати. Давлат раҳбари Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.


Шундан сўнг, Шавкат Мирзиёев Тошкент ботаника боғида ўтказилган Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 73 йиллигига бағишланган байрам тадбирида қатнашди.

Давлат раҳбари бу ерда яратилган Иккинчи жаҳон урушидаги шароитлар, окоп ва блиндажлар, ўша давр қурол-аслаҳалари ва ҳарбий техникалари кўргазмасини кўздан кечирди.

Президент Шавкат Мирзиёев 9 май — Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги билан барча фахрийларни, бутун мамлакат халқини табриклади.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари Марказий ашула ва рақс ансамбли, эстрада хонандалари ижросида куй-қўшиқлар янгради. Уруш йиллари хотиралари, бугунги тинч-осойишта ҳаёт қадри акс эттирилган бадиий чиқишлар намойиш этилди.