Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти маъмурияти халқаро йўналишлар аэровокзалида болалар ўйин майдонини ташкил этиш бўйича таклифлар танловини эълон қилди.

20−40 кв. м. майдонни эгалловчи болалар зонасини учиб кетувчи йўловчилар блокида ташкил этиш режалаштирилмоқда. У 3−10 ёшли болаларга мўлжалланади. Бунда буюртмачи ҳар қандай таклиф ва вариантларни кўриб чиқишга тайёр.

Танловда бозорда уч йилдан кам бўлмаган муддатдан бери фаолият кўрсатиб келаётган мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳар қандай миллий ташкилот иштирок этиши мумкин. Ушбу соҳада тажриба ва малакали ходимларнинг бўлиши мажбурий талаб ҳисобланади. Таклифлар 16 майга қадар қабул қилинади.