Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 май куни фаол тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни ривожлантириш учун шарт-шароитларни яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжат ушбу соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда фаол тадбиркорликни ривожлантириш, инновациялар бозорининг шаклланиши ва фаолият кўрсатиши, шунингдек, маҳаллий ва хорижий инновацион ишланмаларни иқтисодиётнинг реал секторига илгари суриш учун қулай ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитларни яратишга қаратилган.

Қарорга кўра, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида инновацион лойиҳалар-стартапларни ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва ўзлаштириш, инновацион фаолият натижаларини трансфер қилиш ва тижоратлаштиришни амалга оширувчи Инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар марказлари ташкил этилади.

Марказлар ўз фаолиятини тижорат асосида амалга оширади ва ташкил этилган пайтдан бошлаб беш йил муддатга барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этилади.

Марказларни ташкил этиш ва уларга тегишли инфратузилмани (транспорт боғламалари, автостанциялар, автобекатлар мавжудлиги ва ҳ.к.) қуриш учун зарур ер участкалари, бўш бинолар хусусий шерикларга ҳақ ундирилмасдан, истисно тариқасида тўғридан-тўғри музокаралар асосида ажратилади. Марказлар ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари оптималлаштирилиши ҳисобига бўшайдиган бинолар ёхуд намунали лойиҳалар бўйича қуриладиган давлат хизматлари марказлари биноларига жойлаштирилиши мумкин.

Марказларни давлат-хусусий шериклик шартларида ташкил этишда давлат шериги сифатида Инновацион ривожланиш вазирлиги, бошқа давлат органлари, корхоналар ва ташкилотлар иштирок этиши мумкин. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув марказлар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 20 йил муддатгача тузилади.

Давлат шериги иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий этишни рағбатлантириш, жумладан, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни давлат харидлари доирасида тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтириш бўйича шарт-шароитларни яратишга кўмаклашиш мажбуриятини олади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида марказларга ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни, жумладан, давлат харидлари доирасида тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтиришда ҳар томонлама кўмаклашадиган Марказлар ишланмаларини тижоратлаштириш ягона маркази ташкил этилади.