Аҳолидан турли хизматлар учун тўловларни қабул қилиш билан шуғулланиб келаётган UzPaynet компанияси фаолияти тугатилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати ўзининг Telegram-каналида хабар қилди. Ўзбекистон президентининг «Халқ банки ва «Микрокредитбанк"ининг молиявий ҳолатини яхшилаш ҳамда фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"г қарорида бу ҳақда сўз боради.

Хизматлар учун тўловларни қабул қилиш борасида ҳар бир ўзбекистонликка таниш бўлган PAYNET савдо белгиси 2005 йилда пайдо бўлган эди. Тез орада бошқа компаниялар ҳам пайдо бўлди, бироқ 2009 йил кузида уларга нисбатан талабларнинг кучайтирилиши (устав фонди ҳажми, мамлакат бўйлаб тўлов бўйича агентлар сони ваҳоказо) уларнинг ёпилишига олиб келди.

Ўша вақтда UzPaynet акциялари назорат пакети (62,5 фоизи) Халқ банкига тегишли бўлиб, компанияни юқори рўйхатга олиш тўловидан (энг кам иш ҳақининг 140 минг баробари) озод қилди. Ҳозирда Халқ банки UzPaynet компаниясининг ягона акционери ҳисобланади.

UzPaynet сайтидаги баёнотида PAYNET савдо белгиси остида аҳолидан хизматлар учун тўловларни қабул қилиш давом этишини маълум қилди. Ушбу хизмат Халқ банки бўлинмаларида кўрсатилади.