Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Оққўрғон туманидаги 78-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолияти ўрганилганда ўта қўпол қонунбузилиши ҳолатлари қайд этилди.

Назорат органи матбуот хизматининг хабар қилишича, текширишда мактаб-интернат мансабдор шахслари узоқ йиллар давомида «кўзбўямачиликка» йўл қўйиб, юқори турувчи инстанцияларга таълим-тарбия муассасасидаги ҳақиқий аҳвол ҳақида нотўғри маълумот бериб келишгани аниқланди.

Хусусан, текшириш вақтида мактаб-интернатда санитария-гигиена қоидаларига умуман риоя қилинмаганлиги маълум бўлди. Мактабгача таълим гуруҳлари учун алоҳида ётоқхоналар ташкил этилмаган, ётоқхонада яшовчи болаларга ювиниш учун шароитлар яратилмаган.

Мактаб-интернат ётоқхонаси ҳожатхона носоз ҳолда бўлиб, болалар ундан санитария-гигиена талабларига зид равишда фойдаланиб келган, шунингдек ҳожатхона зарарсизлантирувчи эритмалар билан таъминланмаган натижасида бир қанча тарбияланувчилар тери-таносил касалликларига чалинган.

«Таълим муассасасининг мансабдор шахслари томонидан ушбу касалликларни эрта аниқлаш ва болалар касалланишининг олдини олиш чоралари кўрилмасдан, аксинча, нотўғри даволаш ишлари ўтказилиб, тиббий меъёрларга мос бўлмаган муолажалар олиб борилган», — дейилади хабарда.

Текширувларда таълим муассасасининг 33 нафар ходими тиббий кўрикдан ўтмасдан фаолият кўрсатиб келаётгани ҳам аниқланди.

Бундан ташқари, муассасада таълим-тарбия ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилиши оқибатида номаълум шахслар томонидан таълим муассасасининг 16 ёшга тўлмаган тарбияланувчилари ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилинган.

Шунингдек, муассаса раҳбариятининг бепарволиги оқибатида таълим муассасасининг 16 ёшли бошқа бир тарбияланувчиси И.Соколовнинг бир ярим ойдан буён дарс машғулотларига қатнашмасдан бедарак йўқолганлиги ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига хабар берилмаган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан мактаб-интернат мансабдор шахслари ва бошқа шахсларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Дастлабки тергов давомида аниқланган ҳар бир қонун бузилиши ҳолатига қонуний баҳо берилиб, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ва айбдор шахсларни қонунда белгиланган жавобгарликка тортиш чоралари таъминланади.