Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистоннинг Ражастон ва Уттар-Прадеш штатларида юз берган кучли қум бўрони оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Президент Рам Натх Ковиндга ва Ҳиндистон халқига чуқур ҳамдардлик билдирди

Давлат раҳбари жароҳатланганларнинг тезроқ соғайишини тилади, дея хабар қилди президент матбуот хизмати.

Чоршанба куни кечқурун Ҳиндистоннинг шимолий ҳудудларида кучли қум бўрони ва кучли ёғингарчиликлар оқибатида энг камида 127 киши ҳалок бўлди, ўнлаб инсонлар жароҳатланди, дея хабар қилди РИА Новости Times of India нашрига таянган ҳолда.

«Бетондан қурилган иншоотлар карта уйлари каби бир-биринг устига тахланиб кетди. Дарахтлар, фонус устунлари — бир неча метрлик ҳамма нарсани шамол қўпориб ташлади. Биз жароҳатланганларни вайроналар орасидан чиқариб олиб, мотоциклларда шифохоналарга элтдик», — дейди маҳаллий полиция вакили Нарендра Шарма.

Метеорологлар яқин кунларда Ҳиндистоннинг жабр кўрган штатларидаги ноқулай об-ҳавонинг яхшиланмаслигини маълум қилмоқда. Аксинча, синоптиклар фикрича, тез орада мамлакатнинг ушбу қисмида яна ёғингарчиликлар кузатилиши мумкин. Ҳукумат қурбонлар ва жабрланганлар сони ортишидан хавотирда.