5 май куни кечқурун пойтахт автовокзалида «Тошкент-Бишкек-Тошкент» халқаро автобус қатнови очилиши бўлиб ўтади. Мунтазам рейслар 7 майдан бошланади, дея хабар қилди Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги матбуот хизмати.

Қатнов очилиши тўғрисидаги келишувга 22 январь куни Тошкентда Халқаро автомобиль ташувлари масалалари бўйича қўшма ўзбек-қирғиз қўшма комиссияси йиғилишида эришилган эди.

Маршрут узунлиги 601 км бўлиб, ушбу йўлга 12 соату 40 дақиқа сарфланади. Жавдвалларда «Ғишткўприк» (Ўзбекистон), «Жибек Жолы» (Қозоғистон), «Супатай Батыр» (Қозоғистон) ва «Чалдовар» (Қирғизистон) постларидаги божхона ва чегара назорати учун 30 дақиқадан сарфланадиган вақт ҳам киритилган.

Қирғизистон пойтахтидан автобуслар Бишкек шарқий автовокзалидан отланади.

Йўл ҳақи Тошкентдан 120 минг сўм, Бишкекдан эса 1000 сомни ташкил этади.

Ташувларни Ўзбекистон томонидан Mironshox Grand Trans (Foton автобуслари, Хитой), Қирғизистон томонидан эса «Транс Союз-Азия» (Yutong атобуслари, Хитой) амалга оширади.