Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида манзаралари тоғ бағрида жойлашган Нанай қишлоғида дам олиш зонаси ташкил этилади. 2 май куни Норин туманида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бу ҳақда маълум қилди, дея хабар берди «Газета.uz"нинг Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидаги ахборот манбаси.

Янгиқўрғон тумани вакили йиғилишда давлат раҳбарига мурожаат қилиб, Греция курортлари билан беллаша оладиган Нанайга бориш қийин экани тўғрисида хабар берди.

Муқаддам кўплаб санаторийлар, болалар оромгоҳлари ва пансионатлар жойлашган Нанайга ташриф буюрувчилар оқими назорат-ўтказиш пункти ўрнатилганидан сўнг кескин камайиб кетди. Ҳудудга киришнинг чекланиши турар жой бинолари ва инфратузилма объектларининг бўшаб қолишига олиб келди.

Туман вакили одамлар ушбу ҳудудга эркин ташриф буюришлари учун НЎПни туман ичкарироғига ёки Қирғизистон билан чегарага яқинроққа кўчиришни сўради.

Президент таклифни қўллаб-қувватлашини айтиб, ушбу масалани Чегара қўшинлари, ИИВ ва Туризм қўмитаси ҳамкорликда ўрганиб чиқиши бўйича топшириқ берди. У Uztex тўқимачилик компаниясига Нанайда синов лойиҳаси сифатида замонавий санатор-соғломлаштириш мажмуаси қуришни тавсия қилди.

Туризм қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовга Нанайда дам олиш зонаси барпо этиш ўйича мастер-план ишлаб чиқишни топширди. Шавкат Мирзиёев тадбиркор Алишер Усмоновга Наманган вилоятига инвестиция киритишни таклиф қилишни таъкидлади.

Давлат раҳбари кейинги сафар Наманган вилоятига келганида Нанайга бориш мақсадида эканини ҳам айтиб ўтди.