2018 йилнинг биринчи чорагида мамлакатдаги фуқаролик ишлари бўйича судларга E-SUD тизими орқали жами 204 минг 490 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 127 минг 833 таси суд буйруғи бериш тўғрисидаги, 76 минг 657 таси эса даъво тартибида ҳал қилинадиган аризаларидан иборат бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Электрон шаклда келиб тушган даъво аризалари ва аризаларнинг асосий тоифалари қуйидагича: никоҳдан ажратиш — 27,8 фоиз, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлаш — 8,8 фоиз ва қарзни ундириш — 5,8 фоиз.

Судларга E-SUD тизими орқали келиб тушган аризалар ва даъво аризаларининг ўртача 27 фоизи хотин-қизлар томонидан берилган.

E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими Ўзбекистон Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), БМТ Тараққиёт Дастурининг «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси доирасида яратилган бўлиб, фуқаролик ишлари бўйича барча судларида кенг жорий этилган.