Президент Шавкат Мирзиёев Наманган маданият ва истироҳат боғининг қурилиш ишлари билан танишди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

110 гектар майдонни эгаллаган ушбу боғда очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзаси, кичик стадион, муз саройи, тўрт юлдузли меҳмонхона, аттракционлар, эртаклар шаҳарчаси, савдо шохобчалари, кутубхона ва интернет кафе, боулинг ва фитнес клублари, ҳунармандлар маркази, амфитеатр, аквапарк ва бошқа объектлар бўлади. Ўзига хос ландшафтга эга бўлган ҳудудга ноёб манзарали дарахт ва гуллар кўчатлари экилиб, ботаника боғи яратилади.

Мазкур кўнгилочар масканда йилига 100 минг кишига хизмат кўрсатиш мўлжалланган. Уни 2019 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топшириш, 1 минг 500 га яқин янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари истироҳат боғини сифатли ва хавфсиз барпо этиш бўйича тавсиялар берди мазкур паркка «Афсона» деб ном беришни таклиф қилди.

Шу ерда Наманган шаҳри Гулистон даҳасида бунёд этилиши мўлжалланган «Namangan City», Поп туманида қуриладиган замонавий савдо мажмуаси ва «Pop eco park» каби лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.