1 май куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида миллий парламент тарихида биринчи марта «Ҳукумат соати» ўтказилди. Унда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва ичимлик сувидан рационал фойдаланиш ҳамда тиббиёт муассасаларини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

Парламент қуйи палатаси матбуот хизматининг хабар қилишича, кун тартиби депутатларнинг ҳудудларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш жараёнлари билан танишуви натижалари ҳамда фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилди.

Депутатларнинг саволларига жавоб қайтаришлари учун Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлари таклиф қилинди.

Тадбир якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қўмиталарига қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги таклифларни ишлаб чиқиш бўйича тавсиялар берилди. Бундан ташқари, мазкур соҳалар фаолияти устидан парламент назорати кучайтирилади.