Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 28 апрель куни Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, шунингдек концлагерларнинг вояга етмаган асирлари, Ленинград блокадаси пайтида ишлаган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Ҳукуматдаги ахборот манбасининг «Газета.uz"га хабар қилишича, ҳужжатга кўра 1 майдан бошлаб ҳар ойнинг 15-санасига қадар юқорида кўрсатилган шахсларга бепул тақдим этиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва шахсий гигена воситалари, ҳар йили бир марта (1 октябрдан кечикмаган ҳолда) кийим-кечак ва оёқ кийимлари рўйхати жорий этилади. Рўйхатдаги барча маҳсулотлар — маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб берилади.

Рўйхатдан ун (3 кг), гуруч (1 кг), гречка (0,5 кг), макарон (0,5 кг), лаҳм гўшт (1 кг), парранда гўшти (1 кг), сарёғ (200 гр), тухум (15 дона), шакар (1 кг), ёғ (1 л), чой (200 гр), туалет совуни (1 гр), хўжалик совуни (200 гр), кир ювиш кукуни (150 гр), таглик (8 дона) ўрин олган.

Иккинчи рўйхатга кўра, эркакларга эркакларга костюм, куртка, бош кийими, қишки оёқ кийим, енгил оёқ кийим, иссиқ ички кийим, свитер — бир донадан, сорочка, ички кийим — икки донадан, пайпоқ — тўрт донадан; аёлларга — иссиқ куйлак, пальто, қишки ва ёзги рўмол, қишки оёқ кийим, енгил оёқ кийим, енгил куйлак, иссиқ ички кийим, свитер бир донадан, ички кийим 2 донадан, чулки 4 донадан берилади. Куртка, бош кийим, пальто ва кўйлаклар ҳар икки йилда, қолган маҳсулотлар бир йилда бир марта берилади.