Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев душанба куни Туркиянинг етакчи банклари, компания ва фирмалари раҳбарларининг қўшма бизнес-форумида уларга Тошкентнинг янги ҳокими — Жаҳонгир Ортиқхўжаевни таништирди. Бизнес-форум Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

«Мен Ўзбекистон тарихида биринчи марта ўзим ишонган тадбиркорни Тошкент ҳокими лавозимига тайинладим», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Ҳозирги ислоҳотларни тушуниб етган, бюрократиядан узоқ, Тошкент шаҳрининг эртанги куни қандай бўлишини тасаввур қилувчи, замонавий бўлган мана шу йигит Ўзбекистонга тоза ҳаво олиб кириш, инвесторларни қўллаб-қувватлаш учун тайинланди», — деди президент.

«У бизнинг кўплаб раҳбарларимиз каби бирор бюрократик тизимда: райком, партия ёки бошқа жойда ишламаган. У тадбиркор. Шунга қарамасдан, мен шу тадбиркорни бизнинг минтақадаги энг йирик шаҳримиз — Тошкентга раҳбар этиб тайинладим», — деди давлат раҳбари.

«Эртанги кунни мен фақат тадбиркорларга ишонаман. Шунинг учун қарор қилдим: тадбиркор — Тошкент шаҳар ҳокими», — деди у.

«Бугун у икки мажбуриятни зиммасига олган, — қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев. — Агар сиз (турк инвесторлари — таҳр.) Тошкентда бирор тўсиққа дуч келсангиз, ундан сўрайсиз».

Akfa компаниялар гуруҳи асосчиси, Artel Engineering ва Tashkent City директори Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўтган пайшанба куни Тошкент ҳокими в. б. лавозимига тайинланди.