Душанба куни 8:44 да «102» телефони рақамига Тошкентнинг Сергели туманидаги 6-мактаб яқинидаги чиқиндихона яқинида қўл гранатасига ўхшаш буюм топилгани ҳақидаги хабар келиб тушди.

Тошкент ИИББ сайтида хабар қилинишича, воқеа жойига етиб борган мутахассислар кўрсатилган жойда «учебная» («машқ») ёзуви туширилган қора рангдаги машқ қўл гранатасини аниқлади.

Ҳозирда ушбу қурилманинг қандай қилиб тегишли ўқув биносидан ташқарига чиқиб қолгани сабаблари ўрганилмоқда.

Эрталаб ижтимоий тармоқларда 6-мактаб яқинида «бомба» топилгани ҳақидаги ахборотлар тарқалди. Фойдаланувчилар ота-оналардан ўқувчиларни мактабда олиб кетиш сўралганини маълум қилишди.