Шанба куни 4:34 да Тошкентнинг Юнусобод туманида Амир Темур ва Боғишамол кўчалари чорраҳасида «ВАЗ-2107» автомобили ҳамда йўл-патрул хизматининг Lacetti хизмат автомобили иштирокида ЙТҲ содир бўлди.

Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги маълумотлар ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. тарқалган видеоёзувда светофорнинг яшил чироғида катта тезликда ҳаракатланиб келаётган автомобилни яққол кўриш мумкин. Сўнгра Амир Темур кўчасидан чапга «ВАЗ» қайрилади, бурилишни якунлаган вақтда унинг орқа қисмига катта тезликда келаётган Lacetti урилади.

Тўқнашувдан сўнг Lacetti орқа томони билан бир неча ўн метрга юриб бориб, ажратиб турувчи тўсиқни қулатади ва қарама-қарши йўналишга чиқиб, ариқ ёнига келгандагина тўхтайди. Ижтимоий тармоқдаги тасвирлардан «ВАЗ"га жиддий зарар етганини кўриш мумкин.

Пойтахт ИИББ матбуот хизматининг якшанба куни аниқлик киритишича, «ВАЗ» автомобилини О.Ҳайдаров, Lacetti бошқарувида эса ЙПХ инспектори сержант М.Ҳасанов бўлган.

ЙТҲ натижасида «ВАЗ"нинг икки йўловчиси — ошкент вилояти Қибрай туманида истиқомат қилган А.Пазилов ҳамда шахси аниқлаштирилаётган 55−60 ёшлардаги эркак киши ҳалок бўлган.

Ҳар икки автомобиль ҳайдовчиси, Lacetti йўловчиси ЙПҲ инспектори Ф.Оққулов ва «ВАЗ» йўловчилари — Бухоро вилояти Қоракўл туманида истиқомат қилувчи Ш. Чориев ҳамда пойтахтнинг Юнусобод туманидан О.Ғаниев Г. Тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилади.