Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Пханмунжомда кореялараро саммит муваффақиятли ўтгани муносабати билан Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Инга табрик йўллади. Табрик матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Табрикда 27 апрель куни бўлиб ўтган саммит «корейс халқи тарихида том маънода унутилмас воқеа» деб аталади.

«Ушбу учрашувнинг бутун дунё ҳамжамияти диққат марказида бўлган инқилобий натижага Сизнинг қатъий иродангиз, Корея Республикаси ҳамда Корея Халқ Демократик Республикаси ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, минтақада ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган тинчликпарварлик сиёсатини амалга ошириш йўлидаги тинимсиз саъй-ҳаракатларингиз туфайли эришилди», — деди Ўзбекистон президенти.

«Музокаралар самимий ва дўстона муҳитда ўтгани, унинг якунлари бўйича қабул қилинган икки давлатни яқинлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш юзасидан муҳим келишувларни кўзда тутувчи тинчлик, тараққиёт ва Корея ярим оролининг бирлашиши ҳақидаги Пханмунжом декларацияси Корея Республикаси ва КХДР ўртасидаги ҳамкорликнинг янги даври бошланишига умид ва ишонч уйғотмоқда», — дейилади табрикда.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Марказий Осиёда ядро қуролидан ҳоли ҳудуд яратиш ташаббускори сифатида Корея ярим оролидаги денуклеаризация жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлашини, бу эса, шубҳасиз, икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш ва минтақада интеграцияни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

«Сизнинг темир йўл ва автомобиль қатновини тиклаш тўғрисидаги ташаббусингизни алоҳида таъкидлашни истардим. Бу Корея ярим оролининг бутун Евроосиё минтақаси, хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш, уни ягона логистика тизими ва жадал савдо-иқтисодий алоқаларга эга минтақага айлантириш учун янги истиқболлар тақдим этади», — дейилади табрикда.

«Корея Республикасининг стратегик шериги бўлган Ўзбекистон Республикаси бундан буён ҳам Корея халқининг яқинлик, Корея ярим оролида умумий тараққиёт ва фаровонлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлидаги фаол амалий қадамларини қатъий қўллаб-қувватлайди», — дея ишонч билдирди президент.

У Корея халқининг бўлиниб кетган оилаларни бирлаштириш, алоқаларни тиклаш ҳақидаги кўп йиллик орзуси бир кун келиб албатта амалга ошади, минтақада эса барқарор тинчлик ва фаровонликка эришилади, дея ишонч билдирди.

«Сиз, қадрдон дўстим ва азиз биродаримга мустаҳкам соғлик, Корея саммитида эришилган келишувларни амалга оширишда улкан муваффақиятлар тилайман. Зеро, бу келишувлар минтақада ва бутун дунёда вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга тарихий таъсир кўрсатиши шубҳасиз», — дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.