Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни Покистон Қуруқликдаги қўшинлар қўмондони генерал-лейтенат Камар Жавед Бажва бошчилигидаги делегациясини қабул қилди.

Учрашувда ўзаро манфаатли алоқалар, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари, замонавий хатар ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тинчлик йўли билан ҳал қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Генерал Камар Бажва давлат раҳбарига қабул учун миннатдорлик билдирди ва Покистон президенти Мамнун Ҳусайннинг эзгу тилакларини етказди.

У Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Қуролли Кучларни модернизациялаш ва мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Жорий йилнинг март ойида Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича конференциянинг амалий натижалари тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Учрашув якунида Қуруқлик қўшинлари қўмондони Покистоннинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканлигини яна бир бор тасдиқлади.

Покистон делегацияси Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирликларида ҳам музокаралар ўтказди.