27 апрель куни Андижонда «Трастбанк» моддий кўмагида инсулин ишлаб чиқариш бўйича Zamin Bio Health заводи очилди. Банк матбуот хизматидан «Газета.uz"га хабар қилинишича, бу қандли диабетга чалинган кишиларга инсулин ишлаб чиқаришга ихтисослашган Марказий Осиёдаги ягона завод ҳисобланади.

Лойиҳа Ўзбекистон президентининг 2017 йил 2−3 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида давлат раҳбари топшириғи билан амалга оширилди. Корхонанинг очилиш маросимида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва «Трастбанк» бошқаруви раиси Сардор Нормуҳамедов иштирок этди.

Корхонада йилига ўртача 10 миллион флакон инсулин ишлаб чиқарилади. Завод нафақат Ўзбекистон бозорини маҳсулот билан тўйинтириш, балки уни Марказий Осиёнинг барча мамлакатларига экспорт қилишни ҳам режалаштирмоқда. Заводда 100 тадан зиёд янги иш ўринлари очилди.