Июль охиригача Ўзбекистонда дарахт кесишга берилган рухсатномалар реестр ишга туширилиши лозим. Бу ҳақда чоршанба куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Баҳром Қўчқоров журналистлар билан мулоқотда маълум қилди.

Дарахтларни ноқонуний кесиш Тошкент ва мамлакатнинг бошқа шаҳарлари аҳолиси учун энг оғриқли муаммолардан бири. Фуқаролар мунтазам равишда дарахтларнинг кесилиши, бирор объект қурилиши учун ҳудудлар тозалаш билан шуғулланувчи коммунал хизматлар фаолияти қонунийлиги тўғрисида маълумотларнинг йўқлигидан шикоят қилади.
Йил бошидан жисмоний шахслардан дарахтларнинг ноқонуний кесилиши тўғрисида қарийб 580 мурожаат келиб тушган. Жами бўлиб 2000 дан ортиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, ўсимлик дунёсига 1 млрд сўмдан ортиқ жарималар белгиланди.
Экология қўмитасининг расмий сайтида рухсатномалар реестрини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилдаги қароридаёқ кўзда тутилган эди.

Баҳром Қўчқоров қўмита тизимида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишда муаммолар мавжудлигини тан олди.
«Мазкур муаммони ҳал этиш учун АКТни жорий этиш бўйича марказ ташкил этилди. Ҳозирда сайт ва дарахтларни кесишга рухсатномалар жойлаштириладиган тизимни яратиш устида ишлаяпмиз. Ҳозир буларнинг барчаси ҳокимият орқали ўтмоқда, улар дарахт кесишга рухсатнома беради. Одамлар дарахтларни кесиш қонуний ёки ноқонуний эканини билиш учун бизга мурожаат этишади», — деди у.
«Келгусида биз ушбу тизим орқали мониторинг натижасида ҳавони меъёрдан ортиқ ифлослантираётган корхоналар номини эълон қиламиз. Халқ ҳавони ким ифлослантираётганини билсин», — дея таъкидлади Экология қўмитаси раҳбари.
Баҳром Қўчқоров дарахт кесишга рухсатнома олиш жараёни ҳақида ҳам сўзлаб берди. «Инспекциямиз (Биоинспекция) жойларда хулоса беради, ҳокимият эса рухсатномани расмийлаштиради. Инспектор дарахт диаметрини ўлчайди, унинг ҳолатини баҳолайди ва шундан кейингина ҳар бир дарахт учун рухсатнома беради. 10 та дарахт кесишга рухсат сўрашганида 5 та дарахтга ижозат берган вақтларимиз бўлган», — дея тушунтирди у.