Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан биринчи чоракда 14536 нафар шахсга нисбатан 11071 та иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд расмий вакили Азиз Обидов «Газета.uz"га хабар қилди.

Жумладан, 114 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинди, судланган шахслар сони 10783 нафарни ташкил этиб, шундан 2589 нафар шахсга озодликдан махрум қилиш ва 8194 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди.

Шунингдек, 1074 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залидан озод қилинди, 7410 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 2320 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилди, 2127 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан айрим жиноят турлари, хусусан, қасддан одам ўлдириш, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ўғрилик, пора олиш ва бериш, пора олиш- беришда воситачилик қилиш, безорилик, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш каби жиноятлари учун судланганлик кўрсаткичлари камайди.
Ҳисобот даврида ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 2599 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.

Етказилган 92 млрд сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 1296 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

4423 та жиноят иши, яъни барча ишларнинг 40 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.