Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши 25 апрель куни Ўзбекистонда шошилинч тиббий ёрдам тизимини яхшилаш бўйича лойиҳани тасдиқлади, дея хабар қилди банк матбуот хизмати. Лойиҳа Халқаро тараққиёт ассоциацияси (Жаҳон банки структураси) томонидан 100 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

Ўзбекистонда шошилинч тиббий ёрдам тизимини яхшилаш лойиҳаси амалга оширилиши натижасида тегишли тайёргарликдан ўтган, зарурий жиҳозлар билан таъминланган ва фаолияти мувофиқлаштирилган тиббиёт ходимлари бахтсиз ҳодисаларда шикастланганларга, шунингдек шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлган миллионлаб инсонларга малакали ёрдам кўрсатади.

Ҳодиса жойида зарур бўлган шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи махсус бригадалар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш учун туман ва вилоятлар орасида интеграциялаштирилган компьютерли диспетчерлик хизмати йўлга қўйилмаганлиги туфайли Ўзбекистондаги мавжуд шошилинч тиббий ёрдам тизими мурожаатларга етарли даражада самарали хизмат кўрсата олмаяпти.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ҳар 18,3 минг одамга бир дона тез тиббий ёрдам машинаси тўғри келади. Миллий меъёрлар ушбу кўрсаткич 13 минг одамга бир дона тиббий ёрдам машинаси бўлиши кераклигини талаб этади. Бундан ташқари, ҳозирда мавжуд бўлган тез тиббий ёрдам машиналари паркининг аксар қисми бирламчи шошилинч тиббий ёрдамни кўрсатиш талабларига тўлиқ жавоб бермайди. Уларда беморни касалхонага етказгунга қадар ҳаётини сақлаб боришда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда тиббий ёрдам жиҳозларини сақлаш учун жой етарли эмас.

Амалдаги шошилинч тиббий ёрдам тизимида хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходими тиббий жиҳозлар, дори-дармонлар ва бошқа материаллардан фойдаланишда имкониятлари чекланган. Йўл-транспорт ҳодисалари натижасидаги жароҳатларни, юрак қон-томир касалликлари ҳуружини ва шошилинч тиббий муолажага муҳтож шахслар ҳолатларини ташҳислаш ҳамда даволаш бўйича шифокорларнинг кўникма ва қобилиятларини ошириш керак.

Шошилинч тиббий ёрдам тизимини яхшилашга қаратилган лойиҳанинг асосий бенефициарлари турли бахтсиз ҳодисада шикастланганлар, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтожлар, шунингдек акушерлик ёрдами зарур бўлган инсонлар бўлади. Бутун мамлакат бўйлаб жойлашган касалхоналар шошилинч тиббий ёрдам зарурати ҳолатларида самарали равишда жавоб бериши учун салоҳиятларини ошириш бўйича кўмак оладилар.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг барча 12 вилоятида, шунингдек пойтахтда интеграциялашган диспетчер марказлари ташкил этилиб, улар қўнғироқларни қабул қилиш, шошилинч тиббий ёрдам машиналари ҳаракатини мувофиқлаштириш ва уларнинг фаолиятини назорат қилиш учун жавоб беради.

Ушбу йўналишдаги фаолиятга кўпроқ ходимларни жалб қилиш мақсадида шошилинч тиббий ёрдам соҳасидаги врачлар ва ҳамшираларнинг бошланғич тайёргарлик ўқувлари лойиҳа доирасида молиялаштирилади. Бундан ташқари, 60та замонавий тез тиббий ёрдам машиналари харид қилинади ва республика шифохоналарига тақсимланади, шунингдек шошилинч тиббий ёрдамга, шошилинч акушерлик ва неонатал ёрдамга муҳтож бўлган беморларга ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган тиббий ускуна ва жиҳозлар ҳам сотиб олинади.

«2017−2021 йилларга мўлжалланган Миллий ривожланиш стратегияси Ўзбекистон фуқароларининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилашга қаратилган. Жаҳон банки мазкур мақсадга эришиш бўйича мамлакатнинг саъй-ҳаракатларига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Шошилинч тиббий ёрдам тизимини яхшилашга қаратилган ушбу лойиҳа 2018 йилдаги бизнинг республикадаги тўртинчи инвестициявий лойиҳамиз бўлиб, йилнинг дастлабки тўрт ойи давомидаги жами инвестициялар ҳажмини 940 млн АҚШ долларигача оширди, — дейди ЖБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори. — Лойиҳа ёрдамида яхшиланган шошилинч тиббий ёрдам тизими йилига 6 млн га яқин беморларга малакали ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлади».

Жаҳон банки Ўзбекистонга умумий қиймати 2,8 млрд АҚШ долларидан ортиқ бўлган 17та лойиҳани амалга оширишга ёрдам бермоқда. Мазкур лойиҳалар қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги бошқарувни яхшилаш, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, шаҳарсозлик, сув таъминоти ва оқова сувлардан тозалаш соҳаларида амалга оширилмоқда.