Тошкентда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ташрифи доирасида икки давлат ташқи савдо маҳкамалари ўртасида Ўзбекистон ва Туркманистонда савдо уйларини ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланди. Бу ҳақда Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳужжатда ҳар икки давлат ҳудудида савдо уйларини ташкил этишда тадбиркорларга кўмаклашиш кўзда тутилган.

«Савдо уйларининг очилиши савдо ҳажмини ошириш ҳамда Ўзбекистон ва Туркманистон ишбилармонлари ўртасида алоқаларни ўрнатиш учун шароитлар яратишга ёрдам беради», — дея изоҳ берди ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев.

Савдо уйлари маҳаллий харидорлар учун маҳсулотлар рекламаси майдони вазифасини бажариб, чакана ва кичик улгуржи савдо-сотиқни юритиш, маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ҳамда консультация хизматларини тақдим этишга имкон беради.

Эслатиб ўтамиз, 23−24 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Туркманистон Миллий кўргазмаси ва бизнес-форумда 250 млн долларлик шартномалар имзоланди.