«Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари резервидаги хизмат тўғрисида"ги қонунларга киритилган ўзгартишга кўра, ҳарбий хизматда бўлиш муддатлари оширилди. Norma.uz хабарида келтирилишича, тузатишлар 18 апрелда қабул қилинган қонундан ўрин олган.

Кичик офицерлар (лейтенант, катта лейтенант, капитан, капитан-лейтенант) учун чекланган хизмат ёши 43 дан 45 ёшга (2 йилга) оширилди. Эндиликда у матрослар ва сержантлар учун белгиланган ёш чегарасида билан тенглашди.
Барча катта офицерлар (майор, подполковник, полковник, учинчи, иккинчи ва биринчи ранг капитанлар) учун пенсия ёши 50 ни ташкил этади. Авваллари майорлар, подполковник ҳамда учинчи ва иккинчи ранг капитанлари 45 ёшда нафақага чиққан. Эндиликда улар беш йил кейин нафақага чиқади.
Генераллар таркиби учун энг юқори ёш 60 лигича қолди.

Захира разрядларида бўлиш ёшлари ҳам мос равишда ўзгартирилди.

Тузатишлар қонун эълон қилинган санадан олти ой ўтиб — 19 октябрда кучга киради.