Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг Тошкентдаги марказий девони биноси қаршисидаги баланд металл девор олиб ташланди.

Тошкент ҳарбий округи ва Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари қўмондонлиги ва Ҳарбий Ҳаво Кучлари, шунингдек Ўзбекистон Қуролли Кучлари Давлат музейи биноларини ўраб турган панжаралар ҳам олиб ташланди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz"га хабар қилишича, ушбу қарор маҳкамалар очиқлигини намойиш этиш мақсадида қабул қилинди.

Бундан аввалроқ узоқ йиллар давомида маъмурий бинолар атрофини ўраб турган панжараларни демонтаж қилиш ишлари бошлангани ҳақида хабар қилган эдик. Шу билан бирга, ИИВ ва унинг бўлинмалари, Бош прокуратура ва бошқа органларнинг алоҳида маҳкамалари бинолари атрофи ҳам панжаралардан тозаланаётгани хабар қилинди.