Хоразм вилоятида 19 апрель куни Қўшкўпир туманининг чегара масалалари бўйича ўринбосари Умурбек Отаназаров (1989 й. т.) фирибгарликда гумон қилиниб қўлга олинди.

Тезкор тадбир Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Ўзбекистон Бош прокуратураси Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда амалга оширилди.

«Ўзбекистон 24» телеканали орқали намойиш этилган лавҳалардан Отаназаров Жанубий Кореяда шартнома бўйича ишлашга жўнатишга ёрдамлашиш учун икки фуқародан 8000 доллар нақд пулни шахсан олаётган вақтда қўлга тушганини кўриш мумкин.

Суриштирув ишлари олиб борилаётганда Отаназаров яна 12 фуқародан жами 22,4 минг долларни ушбу хизмат учун олгани маълум бўлди. Репортажда у қилмишидан жуда пушаймон эканини айтиб, халқдан кечириим сўраган.

Отаназаровга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.