Иккинчи Жаҳон уруши йилларида турли миллатларга мансуб бўлган 15 нафар болани ўз қанотига олган Шоаҳмат ва Баҳри Шомаҳмудовлар оиласи жамланган ҳайкал «Истиқлол» санъат саройи (собиқ Халқлар дўстлиги саройи) майдонига қайтарилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

23 апрель куни майдонда реконструкция ишлари бошлаб юборилди. Тез кунларда Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган ҳайкал ўзининг дастлабки жойида қад кўтаради.

«Халқлар дўстлиги сиймоси ҳисобланган ушбу ҳайкал Тошкент шаҳрининг кўркига-кўрк қўшиб янада чиройини очади. Пойтахтимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларини бирдамликка, дўстликка ва бир оила бўлиб яшашга дават қилади», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Шомаҳмудовлар оиласи ҳақида Раҳмат Файзиевнинг «Его величество Человек» романи асосида кинорежиссёр Шуҳрат Аббосовнинг «Сен етим эмассан» киноси тасвирга олинган ва бу фильм турли халқлар орасида севиб томоша қилинади. Асраб олинган болалар орасида рус, беларус, молдаван, яҳудий, латиш, татар, қозоқ миллатларига мансуб болалар бўлган.

Ҳайкал Халқлар дўстлиги саройи олдида 1982 йилда ўрнатилган эди. 2008 йилда у Тошкент чеккасига кўчирилган эди. Ўтган йилнинг 9 май куни эса ҳайкал Дўстлик боғи (собиқ Бобур боғи)да очилган эди.