Туркман миллати вакиллари истиқомат қилаётган Урганч туманининг Ғойбу қишлоғида президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбек-туркман дўстлик уйи очилди.

Сешанба куни Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари иштирокида мазкур уйнинг очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбарлари дастлаб бу ерда ўрнатилган Махтумқули Фироғий бюстини очди, унинг пойига гуллар қўйди.

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбек-туркман дўстлик уйида яратилган шароитлар билан танишди.

Ушбу мажмуа қадимий ва замонавий меъморлик анъаналари асосида бунёд этилган. Ўзбек ва туркман халқларининг кўп асрлик алоқаларини акс эттирувчи музей, 2000 дан зиёд китоб фондига эга кутубхона ташкил қилинган.

Тадбирлар ўтказиш учун катта зал, турли фан ва санъат тўгараклари учун хоналар барпо этилган.

Ўзбек-туркман дўстлик уйи, туркман миллатига мансуб юртдошларимиз учун яратилган имкониятлар туркманистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.