Душанба куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали жонли эфирда хабар қилди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Туркманистон раҳбарини Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, фахрий қоровул, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари кутиб олди.

Тошкент марказий кўчаларида юқори мартабали меҳмонни икки давлат байроқларини кўтарган минглаб ёшлар қарши олмоқда.

Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбарлари Кўксаройда тор ва кенг доирада музокаралар ўтказади. Икки томонлама ҳужжатлар имзоланади. Ташриф дастури кенг ва мазмунга бой тарзда тузилган.

Президентларнинг Тошкентдаги Махтумқули кўчасига бориши, Ашхобод сайилгоҳининг очилиш маросимида қатнашиши мўлжалланган.

Гурбангули Бердимуҳамедов 24 апрель куни Хоразм вилоятига боради. Урганч туманидаги «Улли ҳовли» ёдгорлиги, Хивадаги «Ичан қалъа» мажмуасига ташриф ва бошқа маданий тадбирлар режалаштирилган.