Ўзбекистон Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (ТАПҲ) трансмиллий газ қувури лойиҳасида иштирок этади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев душанба куни ОАВ вакиллари билан учрашувда маълум қилди.

«Транспорт-коммуникацион, транзит, логистика масалалари жуда жиддий ва биз уларни ҳал этамиз, — деди давлат раҳбари. — ТАПҲ, бу — Афғонистонда амалга оширишни хоҳлаган тинчлик ва барқарорликни таъминладийдиган жиддий лойиҳа»

«Биз Ўзбекистон ҳам ушбу лойиҳада иштирок этишига келишиб олдик. Туркман дўстларимиз билан биргаликда туташув нуқтасини топамиз ва ушбу улкан лойиҳада иштирок этамиз», — деди президент.

«Мен Туркманистон президенти рози бўлганидан мамнунман ва топшириқ бердим, учрашувимиздан сўнг вакилларимиз Ашхободга бориб, қандай параметрлар, қандай йўналишларда лойиҳада иштирок этишимиз бўйича музокараларни бошлашди».

ТАПҲ газ қувурининг умумий узунлиги 1814 км га яқин бўлиб, Туркманистоннинг йирик Галкиниш газ конидан бошланади. Газ қувури Афғонистоннинг Хирот ва Қандаҳор, Покистоннинг Кветта ва Мўлтон шаҳарларидан ўтиб, Покистон-Ҳиндистон чегарасидаги Фазилка аҳоли пунктигача еиб боради. Газ қувури йилига 33 миллиард куб метр табиий газ ўтказиш қобилиятига эга.