Ўзбекистон ИИВ Бухоро вилояти Когон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқародан товламачилик йўли билан 500 минг доллар миқдоридаги нақд пулни ўзлаштирган беш кишилик гуруҳ қўлга олинганини маълум қилди.

13 апрель куни Когон шаҳрида истиқомат қилувчи А.Ўлжаевнинг уйига беш киши Lacetti автомобилида келиб, ўзларини Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари деб таништиради. Улардан бири хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, Тошкентда Ўлжаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, тергов ҳаракатларини ўтказиш учун уни пойтахтга олиб кетиши кераклигини айтади.

Эркак киши Ўлжаевдан унга нисбатан таъзийқ ўтказмаслик ҳамда ишни ижобий томонга ҳал қилиб бериш эвазига 1 млн АҚШ доллари беришини талаб қилади. Ундан 500 минг АҚШ долларини товламачилик йўли билан олиб, воқеа жойидан яширинади.

Жабрланувчи кейинги куни ҳодиса ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилади.

Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни содир этганликда гумон қилиниб Когон туманида яшовчи, муқаддам судланган Б.Қосимов (1984 й. т.) ва Самарқанд шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган П.Гулямов (1984 й. т.) қўлга олинди.

Яна уч киши Россиянинг Татаристон Республикаси Қозон шаҳрида қўлга олинган.