Ўзбекистонлик боксчилар Шаҳрам Ғиёсов ва Муроджон Аҳмадалиев 21 апрель куни Бруклиндаги (Нью-Йорк, АҚШ) Kings Theatre аренасида муваффақиятли жанг ўтказишди.

24 ёшли Шаҳрам Ғиёсов (2−0−0, 1 КО) венгриялик 30 ёшли боксчи Габор Горбиксга (24−11−0, 14 КО) қарши жангга чиқди. Баҳс олти раунд давом этди ва ҳакамларнинг якдил қарорига кўра Бухоро вакили ғолиб деб топилди.

23 ёшли Муроджон Аҳмадалиев (2−0−0, 2 КО) аргентиналик боксчи Карлос Суарес (7−5−3, 2 КО) билан жанг олиб борди. Тўртинчи раундда Ўзбекистон вакилининг кетма-кет зарбаларидан сўнг рефери жангни тўхтатди.

Олимпия ўйинлари совриндорлари АҚШдаги дебют жангларида ҳам ғалаба қозонишган эди.