Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси автотранспорт воситалари давлат рақами белгиларини алмаштириш режалаштирилаётгани ҳақидаги хабарларни инкор қилди. Бу ҳақдаги хабарлар президентнинг 18 апрелдаги қарори эълон қилиниши билан боғлиқ. Ушбу қарорда амалдаги давлат рақам белгиларини халқаро намунадаги давлат рақам белгиларига алмаштириш кўзда тутилган эди.

«Республикамиз ҳудудида транспорт воситаларини ҳисобга олиш тизимини яратиш, ушбу соҳага ахборот-коммуникацион технологияларни жорий этиш бўйича босқичма-босқич фаолият олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси президентининг қарорида эса фақатгина транспорт воситаларини ҳисобга олишнинг замонавий тизимини яратиш ҳақида сўз юритилмоқда», — дейилади ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати «Газета.uz"га тақдим этган расмий хабарда.

Бош бошқадан қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 27 июндаги «Автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгиларининг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги» қарорига асосан, ҳозирги кунда амалда бўлган автомототранспорт воситалари учун миллий давлат рақами белгиларининг халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ келади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилдан бошлаб Ўзбекистонда миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини (уларга расмий ID-ҳужжат мақоми берилди) бериш бошланди.

18 апрелдаги қарорда паспорт, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва бошқа шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни (республика ичида), ҳайдовчилик гувоҳномаларидан ташқари,ID-карталарга алмаштириш ҳамда транспорт воситалари учун қоғоз кўринишидаги ҳужжатларни бекор қилиш кўзда тутилган.