2018 йилнинг биринчи чораги давомида Ўзбекистон прокуратура органлари ходимлари 65,8 минг фуқарони, жумладан 634 кишини бевосита Бош прокуратура раҳбарияти қабул қилди. Бу ҳақда Бош прокуратура сайтида хабар қилинди.

Прокуратура органларига келиб тушган мурожаатлардан жами 72,3 мингтаси ҳал этилиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.

Шу билан бирга, ҳудудларга чиқиб фуқароларни сайёр қабул қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона ва Хоразм вилоятларида ташкил этилган сайёр қабуллар давомида Бош прокурор томонидан 291 нафар фуқаро қабул қилиниб, уларнинг узоқ вақтдан буён ечимини топмай келаётган турли муаммолари ҳал этилиши таъминланди.

Хусусан, қабуллар натижасида 24 нафар шахс иш билан таъминланди, фаолиятни ташкил этиш ёки янада ривожлантириш ва шу асосда қўшимча иш ўрни яратиш учун 38,2 гектар ер майдони, 2,8 млрд сўм кредит маблағи ва зарур техника воситалари ажратилди.

Шунингдек, 2 нафар шахс уй билан, 8 нафар шахс ногиронлик аравачаси билан таъминланди, 5 нафар фуқарога уй-жой ажратилиши учун ҳужжатлар расмийлаштирилди, қарздорлардан 281 млн сўм ундирилди, 4 та маҳалла фуқаролар йиғинида электр трансформаторлар ўрнатилиб, 2,3 км электр линияси ва 255 метр сув тармоғи тортилди.

Қўпол қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 3 та жиноят иши қўзғатилди.

Масалан, Б.Тожиевнинг мурожаати бўйича ўтказилган текширишда, Қўқон шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари маълумотларни сохталаштириб, «Oqjar porloq kelajagi» МЧЖда текшириш уюштирганликлари аниқланиб, жиноят иши қўзғатилди.

Бундан ташқари, Бош прокуратура томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини бевосита қуйи прокуратура органларида ҳамда бошқа давлат идораларида ҳал этилиши устидан ҳам тизимли назорат ўрнатилган.